Тошкент Ислом институти: кеча ва бугун

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом ал-Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти Ўзбекистондаги ягона олий диний ўқув юрти бўлиб, унда динлар тарихи ва назариясини чуқур эгаллаган, Ислом дини асосларини дунёвий фанлар билан уйғун ҳолда пухта ўзлаштирган, араб тилида сўзлаша оладиган, Қуръони каримни тўлиқ ҳифз этган мутахассислар тайёрланади. Айни пайтда институтда 176 нафар талаба таълим олмоқда. Уларнинг 34 нафари аёл-қизлардир.

Собиқ Иттифоқда ягона олий Ислом ўқув юрти

Шўро ҳукуматининг даҳрийлик сиёсати, динга қарши кураши сабаб барча масжид ва мадрасалар ёпиб юборилиши натижасида 1928 йилга келиб Ўзбекистонда диний таълим тизими батамом тўхтатилган. 1943 йилнинг октябрида Тошкент шаҳрида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг диний бошқармаси ташкил этилиши, 1945 йилдан Бухорода “Мир Араб” (1945 йилдан бошлаб бугунги кунгача) ва Тошкентда “Бароқхон” (1945-1961 йиллар) мадрасалари фаолият юритиши минтақада диннинг қайта тикланиши учун катта туртки бўлди.
1969 йили муфтий Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон ҳазратлари ташаббуси билан ташкил этилган, 1971 йил октябрдан фаолиятини бошлаган Тошкент ислом институти аввал олий диний мадраса деб юритилди. Муҳаддислар султони Имом Бухорий ҳазратларининг 1225 йиллик таваллуди тантаналари нишонланиши муносабати билан Тошкент олий мадрасаси 1974 йилдан буён Имом ал-Бухорий номидаги Тошкент ислом олий маъҳади деб юритила бошланди.
Дастлаб қабул қилинган 20 нафар талабалар битиргунга қадар маъҳадга бошқа талабалар қабул қилинмади. Институтнинг дастлабки қалдирғочлари битирув имтиҳонларида Совет Иттифоқининг турли бурчакларидан олим ва диний арбоблар иштирок этишди. Мазкур имтиҳонлар натижаси ўлароқ талабаларга биринчи бор олий маълумотли диний мутахассислик дипломлари топширилди. Шундан сўнг, яъни 1975–1976 йилдан бошлаб олий маъҳадга мунтазам талабалар қабул қилиш бошланди.
Республикамиз истиқлолига қадар собиқ Иттифоқда ягона олий Ислом ўқув юрти бўлган Тошкент Ислом институтида Закавказье, Шимолий Кавказ, СССРнинг Европа қисми ва Сибирь, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идоралари учун мутахассислар тайёрланган. Шунингдек институтда Афғонистон, Вьетнам, Болгария, Чехославакия, Сурия каби давлатлардан ҳам талабалар таълим олганлар.
Институтга турли йилларда Асрорқул Мавлонқулов, Шамсуддинхон Бобохонов, Абдуқаҳҳор Шоший, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Зоҳидхон Қодиров, Муҳаммадлатиф Жуманов, Баҳодирхон Муртазоев, Ғуломжон Мирзаёқубов, Абдуқайюм Азимов, Аюбхон Ҳамидов ректорлик қилганлар. Ҳозирда Мисрнинг «Ал-Азҳар» университети битирувчиси, тарих фанлари номзоди, доцент Ҳайдархон Йўлдошхўжаев институтга раҳбарлик қилмоқда.
Россия муфтийлар кенгаши раиси Равил Гайнуддин ҳазрат, Кавказ ва Кавказорти мусулмонлари диний идорасининг раиси Шайхулислом Аллоҳшукур Пошозода, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф каби олимлар ҳам Тошкент Ислом институти битирувчилари бўлган.
2003 йил 22 августдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Дин соҳасидаги маънавий, маърифий, таълим шароитларини ва фаолиятини янада такомиллаштиришда ижтимоий кўмак ва имтиёзлар бериш тўғрисида”ги қарорига асосан Тошкент Ислом институти ҳужжати бакалавр дипломи сифатида эътироф этилди ҳамда ана шу дипломларга эга бўлган шахсларга давлат олий таълим тизимида ўқишни давом эттириш ҳуқуқи берилди.

Институтда қандай фанлар ўқитилади?

Тошкент ислом институтида таълим сифатини ошириш ва малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида «Диний фанлар», «Тиллар», «Ижтимоий фанлар», “Таҳфизул Қуръон” кафедралари ташкил қилинган. Ўқитувчиларнинг 4 нафари фан доктори, профессорлар, 8 нафари  фан номзоди, доцентлар, кўплари хорижий Ислом университетларини  тамомлаган.
“Диний фанлар” кафедраси “ҳадис”, “мусталаҳул ҳадис”, “фиқҳ”, “усулул фиқҳ”, “ислом тарихи” (сийрат, хулафолар, мазҳаблар тарихи), “ақоид”, “фароиз”, “хатоба”, “замонавий масалаларнинг фиқҳий асослари” ва “илмий тадқиқотлар олиб бориш методологияси”  фанларини ўз таркибига олган. Устозлардан Я.Раззоқов ва С.Примовлар фан доктори илмий даражасини олиш учун илмий ишлар олиб боришмоқда. М.Сайдалиевнинг “Сеҳр ва фолбинликка исломда муносабат”, И.Бегматовнинг “Илм талаб қилиш одоби”, А.Саидаҳмедовнинг “Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?” ва А.Пардаевнинг “Ақоид дарслиги” номли китоблари нашрдан чиққан.
“Тиллар”  кафедраси арaб, инглиз, рус, ўзбек, форс тилларини, балоғат, хаттотлик ҳамда форс қўлёзмаларини ўқиш ва тавсифлаш фанларини ўз таркибига олади.
“Ижтимоий фанлар” кафедраси диний ҳамда дунёвий фанларни уйғунликда ўргатиш, илмий-назарий ёндашиш тамойилларига асосланиб, ҳар томонлама етук кадрларни тайёрлашни мақсад қилган. Кафедра профессор-ўқитувчилари томонидан фалсафа асослари, этика, эстетика, мантиқ, миллий ғоя: асосий тушунча ва тамойиллар, социология, педагогика, психология, маънавият асослари, Ўзбекистон тарихи, информатика ва ахборот технологиялари, жисмоний тарбия ва спорт каби ўқув курсларидан таҳсил берилмоқда.
“Таҳфизул Қуръон” кафедраси Республикада Қуръони каримни тўлиқ ёдлатишга ихтисослашган ягона билим даргоҳидир. Бу кафедрада талабалар уч йил мобайнида Қуръонни тўлиқ бир сидра ёд олиш имконига эга бўлишади. Кафедра таъсис этилгандан то шу бугунги кунга қадар 285 нафар талаба таҳсил олди. Уларнинг аксарияти Қуръони каримни тўлиқ ёд олишга мушарраф бўлишди.  Кафедрада юртимиздаги олий ўқув даргоҳларни тамомлаш билан бирга хориж давлатлардаги нуфузли олийгоҳларда  жумладан, Жабборали Нурматов, Абдуллоҳ Муҳиддинов, Саиджамол Масаитов Саудия Арабистони Мадина унверситетида, Жалолиддин Ҳамроқулов “Азҳар” университетида, Жаҳонгир Неъматов Миср Араб Республикасидаги “Айну Шамс” олийгоҳида ўз илм ва малакаларини ошириб келишган.

Қандай қилиб ўқишга кириш мумкин?

Тошкент Ислом институтига нафақат диний ўрта-махсус таълим муассасалари битирувчилари, араб тилига ихтисослашган коллеж, лицей ва махсус мактабларни тамомлаганлар, шунингдек мустақил араб тилини ўрганганлар ҳам ҳужжат топширишлари мумкин. Институтда бошланғич диний таълим, бошланғич араб тили ўқитилмайди. Таълим дастури диний ўрта-махсус таълим муассасалари битирувчилари учун мўлжалланган. Қабул жараёнида ҳужжат топширувчининг араб тили, ижтимоий йўналиш бўйича билимлари суҳбат асосида текширилиб, институт талабига жавоб берсагина қабул қилинади.
Чет тили ва маънавият бўйича ижодий имтиҳон суҳбат асосида, тарих ва она тили ва адабиёт фанларидан Давлат тест маркази стандартлари асосида тест усулида имтиҳон топширилади. Ўтган йили ажратилган 50 та ўрин учун 200 дан ортиқ ҳужжат топширилган. Диний ўрта-махсус таълим муассасалари орасида ўтказиладиган ягона олимпиада ғолиби институтга имтиҳонсиз кириш ҳуқуқига ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси гранти асосида бепул ўқиш имконига эга бўлади. Бошқа талабалар контракт асосида (йилига 3 000 000 сўм) ўқийдилар.

Талабаларнинг 40 фоизи мураттаб қори ва қориялар

«Талабаларимизнинг 40 фоизи мураттаб қори ва қориялардир. Ўзлари “Таҳфизул Қуръон” бўлимида таълим олмаса-да, баъзи гуруҳларимизда барча талабаларнинг мураттаб қори эканликлари бизни қувонтиради. Айни пайтда “Таҳфизул Қуръон” кафедрасида 49 нафар талаба таълим олаётган бўлса, уларнинг аксарияти Қуръон каримни тўлиқ  ёд олишди. Қолганлари ҳам ўқишни битиргунга қадар мураттаб қори бўлиб етишадилар, иншааллоҳ. Уларнинг орасида Республикамиз ва халқаро миқёсдаги қорилар мусобақаларида қатнашган талабалар ҳам бор. Яқинда Кувайт давлатида бўлиб ўтган халқаро Қуръон мусобақасида 1-босқич талабамиз Набийиддин Жалилов юртимиз қорилари номидан ҳифз йўналиши бўйича қатнашиб, яхши олқишларга сазовор бўлди. Аввалги йилларда Миср, Саудия Арабистони, Россия давлатларида бўлган қорилар мусобақаларида талабаларимиз иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллашган. Рамазон ойида институтимиз талабалари Тошкент шаҳрининг «Ҳазрати имом», «Кўкча», «Новза», «Хўжа Аламбардор», «Алоқа», «Ракат» каби жомеъ масжидларида, вилоятлардаги катта жомеъларда Қуръони каримни хатм қилмоқдалар. Икки талабамиз халқаро хаттотлик мусобақасига тайёргарлик кўрмоқда», — дейди институт ректори Ҳайдархон Йўлдошхўжаев.
 
Ёруғ зиё манзили

Институтнинг ахборот ресурс марказида 12000 га яқин китоб, 14000 электрон китоб, 100 га яқин қўлёзма ва тошбосма китоблар мавжуд.
Кутубхонада яхши бир анъана бўлиб, институт раҳбарияти, талабалар, меҳмонлар зиё маскани фондини бойитиш учун ўз ҳиссаларини қўшишлари мумкин ва бу хизмат кутубхонанинг ривожланишига ҳисса қўшганлар фахрий китобида қайд этилади. Институт кутубхонасида Қуръони каримнинг қўлёзма нусхасидан тортиб, арабча ва ўзбекча тафсир ва шарҳлари, мўътабар ҳадис тўпламлари ва уларнинг шарҳлари, фиқҳ, ақоид илмига оид манбалар, шунингдек дунёвий фанлар, бадиий адабиётлар, рус ва бошқа тиллардаги китоблар, газета ва журналлар, электрон китоблар, фильм ва аудио дисклар мажмуаси талабалар ихтиёрига берилган.
Кутубхона 1845-1865 йиллари Қўқон хони Худоёрхон даврида қурилган «Намозгоҳ» масжиди тарихий биносида жойлашган. Кенг, ёруғ, салқин хоналарда китобхонлар учун барча зарурий шароитлар яратилган.

Ҳавас қиларлик маскан

Институтда доимий равишда Қуръон, ҳадис, сийрат мусобақалари ўтказилади ва ғолиблар муносиб тақдирланиб, республикамиз ҳамда жаҳон миқёсида ўтказиладиган мана шундай тадбирларга йўлланма берилади. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси тизимида ҳамда бошқа олий ўқув юртлари ўртасида ўтказиладиган турли спорт мусобақаларида ҳам институт талабалари муваффақиятли иштирок этмоқдалар.
Институт талабаларига икки маҳал бепул иссиқ овқат, стипендия берилади. 100 ўринли барча қулайликларга эга ётоқхонада талабалар бепул яшаш имконига эгалар. Институт ҳудудида жойлашган  тарихий «Намозгоҳ» масжидида талабалар беш вақт намозни адо этишлари учун шароит яратилган. Талабалар ҳар жумъа куни навбат билан имом-хатиблик вазифасини бажариш асносида амалиётни ҳам ўтайдилар. Шинам таҳоратхона ҳам талабалар ихтиёрида.
Ўқув юрти ҳудудида ўғил болалар костюм-шим ва оч рангли кўйлакда, қизлар эса шариат кўрсатмаларига кўра бир хил кийим ҳамда оқ рўмолда бўлишлари талаб қилинади. Қизлар учун таълим алоҳида олиб борилади.
Тошкент Ислом институти тасарруфида www.buxoriy.uz ҳамда www.mumina.uz сайтлари фаолият юритади. Сайтлар талабалар ҳамда устозларнинг мақолалари билан мунтазам тўлдириб борилмоқда.
Ота-боболаримизнинг муқаддас дини — Исломнинг ҳаётимизда тутган ўрни,  буюклиги, илоҳийлигини англаб, динимиз ривожига ҳисса қўшиш, Аллоҳ таоло олдидаги бурчни адо этиш, муқаддас динимизни, Қуръони карим оятларини, ҳадисларни чуқур ва кенг ўрганиш, уларни тарғиб қилиш, халқимиз, миллатимиз, ёш авлоднинг бу бебаҳо хазинадан баҳраманд бўлишига шароит туғдириш ва шулар асносида маънавий ҳаётимизни юксалтиришни мақсад қилганмисиз? У ҳолда Имом ал-Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтига марҳамат!

Давронбек Тожиалиев тайёрлади.

http://www.qadriyat.uz/index.php?act=2&nid=90

One thought on “Тошкент Ислом институти: кеча ва бугун

  1. Mani yoshim 40da. Tibbiyot hodimiman. islom dinini mukammal o`rganishni istayman. erim ko`p yillar bdi avtohalokatdan qazo qildi. farzandlarim bu yil birinchisi, keyingi yil ikkinchisi universitetlardan biriga kirish harakatida bdi. men ham islom universitetida o`qib dinimizni, tarihimizni o`rganishni bu borada izlanish olib borib vatanimga foydali inson bo`lishni hohlardim, yoshimni hisobga olib mani universitetga kirishim mumkinmi,mumkin bsa kotrak to`lovlarisiz bilim olishim mumkinmi. iltimos javob yozing. umid bilan Muqaddas Özbek qizi

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *